October 4, 2021

“Янги медиа таълим маркази” ННТ ўз фаолиятини бошлайди

Сўнги йилларда, матбуот ва сўз эркинлигини янада барқарорлаштириш, олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни жадаллаштиришда фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун, 4 октябрь куни Адлия вазирлиги томонидан муассаса шаклидаги “Янги медиа таълим маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Маълумот учун: марказнинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ахборотга бўлган талабини қондириш, интернетнинг миллий сегментини ғоявий жиҳатдан бойитиш, аҳолининг барча қатламларида, айниқса, ёшларда тажовузкор контентга нисбатан мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларининг медиасаводхонлигини ҳамда ахборот хизматлари ходимлари, журналистлар ва блогерларнинг малакасини оширишга кўмаклашишдан иборат.

Гувоҳномани топшириш тадбирида марказнинг республикамиздаги ОАВ таҳририятлари ходимлари ҳамда журналистларнинг профессионал ижодий салоҳиятини ошириш, ёшларда медиа ва ахборот саводхонлигини шакллантириш, миллий ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш, ахборот соҳасига оид қонунлар ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда қонун ташаббускорлари, жамоат фондлари, Парламент вакиллари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорлик олиб бориш каби масъулиятли ишларига ишонч билдирилди.

“Янги медиа таълим маркази” НТТ халқаро ва миллий медиа макондаги етакчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, маҳорат мактаблари, пресс-турлар, ўқув ижодий лабораториялари, тўгараклар, махсус ўқув курсларини ташкил этишни режалаштирган.

Шунингдек, миллий ОАВнинг халқаро ахборот ҳудуди архитектоникасидан муносиб ўрин эгаллашишига кўмаклашиш, миллий журналистикани назарий жиҳатдан ривожлантириш учун журналистика йўналишлари бўйича мутахассисларни жалб қилган ҳолда дарсликлар, электрон дарсликлар, ўқув ва методик қўлланмалар яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Марказ ўз олдига ёшларни ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсирларидан ҳимоялаш, уларда интернетдан самарали фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш, фейк ва манипулятив ахборотларга нисбатан иммунитетни шакллантириш, бу борада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишни ҳам мақсад қилган.

Шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари учун PR кампаниялар, ивент-менежмент, маркетинг ва брендинг, имижмейкинг, кризис менежментга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, республика ва халқаро миқёсидаги медиа таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва уни жорий этишда бевосита иштирок этиш ҳам назарда тутилган.

Манба

@uztelecomuz

@uztelecompress