Soha yangiliklari
October 7, 2021

25 ЙИЛДАН КЕЙИН ИНТЕРНЕТ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Американинг "Интернет-архив" ташкилоти вакиллари 2046 йилга келиб интернет қандай бўлиши мумкинлигини кўрсатадиган янги лойиҳани тақдим этди.

Бу ҳақда «Ars Technica» хабарига таяниб Bugun.uz нашри маълум қилмоқда.

Келтирилишича, ташкилотнинг 25 йиллиги шарафига унинг мутахассислари 25 йилдан кейин Интернет қандай бўлишини кўрсатадиган хизматни чиқаришга қарор қилган. «Билимга эришиш хавф остида бўлган дунёга тушиб қолиш учун янги ‘Wayforward Machine’ни синаб кўринг», дейилган ташкилот хабарида.

Илова яратувчиларининг прогнозларига кўра, 2046 йилга бориб бутунжаҳон интернет тармоғининг саҳифалари блокланмайдиган анимацион реклама баннерларига тўла бўлади. Бундан ташқари, фойдаланувчилар ҳар қадамда тақиқланган сайтларга киришда муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида огоҳлантириш олади. Шу билан бирга, баъзи сайтлар, ўйинлар, иловалар шахсини тасдиқлаш учун биометрик ҳужжатларни талаб қилишни бошлайди.

Таъкидланишича, асосан оммабоп манбалар фойдаланувчилар учун контентни пулли қилиб қўяди. «Wayforward Machine» яратувчилари 2023 йилда бутун дунё ҳукуматлари маълумотларни узлуксиз шифрлашни тақиқлаши ва 2024 йилда рақамли муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида қонунлар қабул қилинишини айтган.

Маълумот ўрнида, «Интернет-архив» ташкилотининг мутахассислари кўплаб сайтларнинг эски версияларини кўриб чиқиш имконини берувчи «Wayback Machine» хизмати яратувчилари ҳисобланади.

@uztelecomuz

@uztelecompress