Муносабат
Ижтимоий тармоқларда UZTELECOM миллий оператори хизматлари юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича “Ўзбектелеком” Акциядорлик компанияси Ахборот хизмати томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Айтиш керакки, телекоммуникация ва ахборот технологиялари шиддат билан тараққий этаётган бугунги кунда “Ўзбектелеком” АК соҳа имкониятларини яқиндан ҳис қилиши учун абонентларга бир қатор қулайликлар тақдим этиб келмоқда.
Жумладан, Компаниянинг uztelecom.uz расмий саҳифаси орқали интернет тармоғига уланиш учун аҳолидан келиб тушаётган онлайн аризаларни қабул қилиш йўлга қўйилган. Бу ўз ўрнида интернет тармоғига уланиш истаги бўлган фуқароларга яратилган қўшимча қулайлик ҳисобланади. Бироқ, мазкур хизмат Zarnews.uz интернет нашрида ёритилган материалда назарда тутилган хизматдан фарқ қилади. Сабаби, тизимда жорий қилинган “Онлайн ариза”нинг бирламчи вазифаси мурожаатчининг ҳудудида интернет тизимига уланиш учун зарурий техник имконият бор-йўқлигига аниқлик киритишдан иборат. Бунда ҳудудда интернет хизматига уланишда талаб этиладиган техник имкониятлар мавжуд бўлмаган тақдирда фуқаролар овворагарчилигининг олди олинади ва масалага бошқача йўналишда ёндашилади.
Шундай бўлса-да, Компания онлайн хизматлар бўйича мақола муаллифи Феруз Яхшибоевнинг фикрларини инкор этмайди. Аммо айни пайтда мамлакатимизда телекоммуникация йўналишидаги мавжуд инфратузилмаларнинг замонавий босқичга олиб чиқиш жараёнида эканлигини инобатга олиш лозим. Шу боис, ушбу йўналишдаги фаолиятлар тўлиқ якунланганидан кейин мазкур хизматни тўлиқ шакллантиришнинг имкони яратилади. Шу ўринда “Ўзбектелеком” АК томонидан бу борада ҳам тизимли ишлар амалга оширилаётганлигини айтиш жоиз. Хусусан, ўтган 2021 йил давомида аҳолини юқори тезликдаги интернет хизмати билан қамраб олиш мақсадида республика бўйлаб 50 минг км.дан зиёд оптик толали алоқа кабеллари қурилди ва бу йўналишдаги фаолиятлар давом эттирилмоқда.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, айни пайтда Интернет тармоғига уланиш бўйича қолдирилган онлайн ариза муаллифларининг ҳудудида зарурий техник имконият мавжуд бўлган тақдирда фуқаролар оммавий офертада кўрсатилган меъёрий ҳужжатлар (Паспорт) билан Сотув ва хизмат кўрсатиш офисига таклиф қилинади ва интернет хизматини тақдим этиш учун шартнома расмийлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Компания миллий оператор сифатида фуқароларнинг ҳар қандай мурожаатини қадрлайди ва эътибордан четда қолдирмайди. Шунга кўра, мазкур материалда назарда тутилган масалалар ҳам Компаниянинг ҳудудий бўлинмаси томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз.