Рақамли трансформацияни тезлаштириш – рақамли иқтисодиёт учун энг асосий қадриятдир
Рақамли технологиялар шарофати билан инсоният тўртинчи саноат инқилоби даврига қадам қўйди. Сунъий интеллект, жиҳозлар интернети, 5G ва био-муҳандислик одамларнинг кундалик ҳаётига тобора кўпроқ кириб бормоқда. Бу глобал макроиқтисодий тенденцияларнинг шаклланишига олиб келмоқда ва янги кенг кўламли ўзгаришларни келтириб чиқармоқда. Рақамли технологиялар жамиятнинг барқарор ривожланишининг бир қисми ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи янги омилга айланиб бормоқда. Кўриб турибмизки, ақлли шаҳарларнинг яратилиши ва саноатнинг рақамли трансформацияси истеъмолчилар тажрибасини сезиларли даражада яхшилайди, янги маҳсулот ва хизматларни яратади, ижтимоий тараққиёт ва ривожланишга ҳисса қўшади.
COVID-19 жаҳон иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатди: жисмоний шахслар, уй хўжаликлари ва ташкилотлар учун мўлжалланган рақамли иловалар жамиятнинг деярли барча жабҳаларига, хусусан мулоқот, харид қилиш, иш, таълим ва кўнгилочар соҳаларига чуқур кириб борди. Бундан ташқари, рақамли технологиялар пандемияга қарши курашишда ва ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлашда мегаполисларга ёрдам берди. Рақамли хизматлар юқори тезликдаги интернетга (5G ва оптика) уланган ҳолда тиббий ёрдам кўрсатиш, масофадан туриб тиббий маслаҳатлар бериш, ҳукуматлар ва компанияларни иш фаолиятига янгича форматда қайтариш ва шу каби бир қатор сенарийларни қўллаб-қувватлаш билан “янги одатий ҳол”га айланди. Бу ҳукуматлар ва ташкилотларнинг саноатни рақамлаштириш бўйича узоқ муддатли режалар тузиш зарурлигини англаб етишларига олиб келди.
Халқаро валюта жамғармасининг сўнгги прогнозига кўра, тез орада жаҳон иқтисодиёти пандемиядан кейин тиклана бошлайди. Глобал ЯИМ 2021 йилда 6% га ўсиши, минтақалардаги ўсиш эса: Осиёда 8,6%, АҚШда 6,4%, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида 4,6%, Европа мамлакатларида 4,4% ва Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларида 3,7% ни ташкил этиши кутилмоқда.
Иқтисодчилар иқтисодиётни тиклашнинг турли моделларини, жумладан, В, У ва К шаклидаги моделларни илгари сурдилар. Агар пандемия самарали назорат қилинса, жаҳон иқтисодиёти жадвалда В-шаклини яратган ҳолда кескин пасайишдан тезда тикланиши мумкин. Бошқа ривожланиш сенарийсида тушиш узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин, бу эса ретсессияга олиб келади ва ундан сўнг иқтисодиёт тезда қайта тикланади. Шунга ўхшаш қайта тикланиш мутахассислар томонидан «У» ҳарфи шаклида тақдим этилган.
Шу билан бирга, баъзи иқтисодчилар, энг ёмон вазиятда, «К» шакли пайдо бўлиши мумкин, деб тахмин қилишади, бунда иқтисодиётнинг ҳолати турли минтақаларда бир-биридан кескин фарқ қилади. Барча мамлакатлар пандемияга қарши самарали кураш олиб бориши ҳамда нормал истеъмол ва ишлаб чиқаришни иложи борича тезроқ тиклаши керак. Бу жаҳон иқтисодиётига «К» шаклидаги моделдан қочиш ва соғлом иқтисодий ўсишни таъминлаш имконини беради.
Рақамлаштириш мамлакатларга БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (SDG) тезроқ эришишига ёрдам беради. Бу мақсадлар қашшоқликни йўқ қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, саломатликни мустаҳкамлаш ва бутун дунёда ижтимоий фаровонлик ва тараққиётни рағбатлантиришга қаратилган.
Иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, сув танқислиги ва ифлосланиши каби экологик муаммоларнинг долзарблиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ижтимоий муаммолар ҳам кескинлашмоқда – одамларни камбағаллик, иқтисодий тенгсизлик ва ҳуқуқларининг чекланиши ташвишга солимоқда. Инсоният таълим олиш имкониятлари, озиқ-овқат, энергия ва шу кабиларнинг етарлилиги ҳақида кўпроқ қайғурмоқда. Бутун дунё бўйлаб пандемиянинг тез тарқалиши билан соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш муаммоларининг долзарблиги ошиб бормоқда.
БМТ маълумотларига кўра, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиради. Самарали ва қулай АКТ инфратузилмаси ва хизматлари мамлакатларга рақамли трансформацияни амалга оширишга ва иқтисодиётининг умумий рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. АКТ таълим, соғлиқни сақлаш, бизнес ва бошқариш каби соҳаларда янги, юқори сифатли маҳсулотлар ва хизматлар учун мустаҳкам асосни таъминлайди. АКТ қашшоқлик ва очлик билан курашишга, соғлиқни яхшилашга, янги иш ўринларини яратишга, иқлим ўзгаришини юмшатишга, энергия самарадорлигини оширишга ҳамда шаҳар ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлашга ёрдам бериши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, технологияларга асосланган рақамли иқтисодиёт ижтимоий барқарорликни самарали ошириши ва иқтисодий ўсиш, ижтимоий интеграция ва экологик тоза муҳит учун янги қадриятларни яратиши мумкин. Келгуси мақолаларда биз қандай йўналишлар, элементлар ва амалий намуналар рақамли иқтисодиётнинг кучайишига ёрдам беришини кўриб чиқамиз.