Munosabatlar
January 15, 2022

"Қонун Доирасида" Телеграм-каналида чиккан мурожаатга муносабат

Ижтимоий тармоқларда “Ўзбектелеком” АК хизматлари юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича Компаниянинг Ахборот хизмати томонидан доимий ўрганишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, @qonundoirasidauz каналида ёритилган “UZONLINE МАЖБУРИЯТИНИ БАЖАРА ОЛМАЯБДИ” материалига жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

1) Қайта ҳисоблаш бўйича:
Бу тизим мавжуд. Агар кўрсатиладиган телекоммуникация ҳизматлари Компания айби билан тўлақонли кўрсатилмаса Сиз яқинингиздаги сотув ва хизмат кўрсатиш офисида ариза қолдириб хизмат кўрсатилмаган кунлар учун қайта ҳисоб-китоб қилинади.

2) Call-марказ хизмати бўйича:

Ҳозирда “Ўзбектелеком” АК Ягона Call-маркази таркибига 3 та хизмат киради: “Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш хизмати”, “Техник қўллаб-қувватлаш хизмати” ва “Телемаркетинг ва қайта алоқа хизмати”.

Бевосита Компания хизматлари бўйича абонентларга куну тун хизмат кўрсатилади. Хусусан, Интернет ва IPTV хизматларига (1084) 147 нафар ходим жалб этилган бўлиб, улар бир кунда ўртача 7500 дан ортиқ мурожаатлар билан ишлайди.

Компаниянинг мобил алоқа хизматида (1099) 175 нафар ходим самарали ишламоқда. Улар кунига 20000 дан зиёд қўнғироқларга жавоб беришади.

Корпоратив мижозларга хизмат кўрсатишга 20 нафар ходим жалб этилган. Кенг полосали Интернет хизматларида 12 нафар ходим, мобил алоқа хизматини техник қўллаб-қувватлаш бўлимида эса 8 нафар мутахассис фаолият юритмоқда.

Қолаверса, Компаниянинг Ишонч телефонига (71 200-77-97) келиб тушадиган мурожаатларга 8 нафар оператор жавоб беради.

АК "Ўзбектелеком" ўз тармоғи орқали республиканинг бутун ҳудудини қамраб олади ва барча телекоммуникация хизматларини тақдим этади. Кўп сонли абонентларимиздан кунига минглаб қўнғироқлар бўлади. Бундай мурожаатлар кўплиги сабабли, Call-марказимиз линиясига ҳаддан ташқари юкламалар ортади.

Асосан куннинг “пик” пайтларида абонентларимиз томонидан кўплаб қўнғироқлар келиб тушади ва шу вақтларда иш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида мурожаатлар билан ишлайдиган операторлар сони кўпайтирилди. Бироқ айрим ҳолатларда бу чоралар ҳам етарли бўлмаяпти.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда телекоммуникация қурилмаларида ўчиб-ёниш ёки бошқа ташқи техник муаммоларнинг юзага келиши ҳолатларида чекловлар кузатилгани абонентлар томонидан Call-марказга қўнғироқларнинг ошишига олиб келади. Масалан, уй Интернети ишламай қолган вақт, битта хонадондан бир неча киши қўнғироқ қилиши қўнғироқларнинг сунъий равишда ошишига ҳам сабаб бўлади. Мазкур ҳолларда uztelecom.uz расмий веб-сайтимизда мавжуд бўлган жонли чат хизмати орқали, оператор билан боғланишингизни тавсия этамиз.

Ҳозирда хизмат кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш мақсадида операторларнинг сонини кўпайтириш бўйича ишлар Компания режасига киритилган.
@qonundoirasidauz Телеграм-каналидаги мурожаатдан келиб чиқиб Компаниямизнинг Call-марказ фаолиятини янада мувофиқлаштириш чоралари кўрилади.

Фаолиятимизга бефарқ бўлмаганингиз учун раҳмат.

“Ўзбектелеком” АК Ахборот хизмати