September 26, 2022

Муносабат

Ижтимоий тармоқларда Компания хизматлари юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича Компаниянинг Ахборот хизмати томонидан доимий ўрганишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, ижтимоий тармоқда @qorqmauzb телеграм канали орқали ўзларини “Ўзбектелеком” АК Наманган филиалининг бир гуруҳ ишчи-ходимлари эканлигини билдирган ва шахслари очиқланмаган фуқаролар Филиалга қарашли автобазада содир бўлаётганлигини эътироф этган ҳолатлардан шикоят қилган.

https://t.me/qorqmauzb/3421

Мазкур мурожаат Компания томонидан ўрганилиб, ушбу масала юзасидан тегишли ҳудудий бўлинмага хабар берилган. Ўз ўрнида ҳудудий бўлинма мутахассислари юқорида келтирилган мурожаатдаги масалалар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

“Ўзбектелеком” АКнинг Наманган филиали автотранспорт участкаси штат бирлигида 1 дона катта механик вазифаси мавжуд бўлиб, ушбу лавозим транспорт участкаси бошлиғи вазифасига тенглаштирилган. Сабаби, транспорт участкасида участка бошлиғи штат бирлиги мавжуд эмас. Ушбу вазифада ишлаб келаётган шахс лавозими участкаси бошлиғи вазифасига тенглаштирилгани боис, унга автотранспорт воситаси бириктирилган.

Шунингдек, транспорт участкаси тасарруфидаги барча автотранспорт воситаларини ойлик йўл юриш меъёрлари ва шахсий ишларга жалб этилмаслиги қаттиқ назоратга олинган.

Автотранспорт участкасида июль-август ойларида филиал қурилиш участка ходимлари томонидан омборда мавжуд бўлган қурилиш материаллари ёрдамида филиал ички имкониятларидан келиб чиқиб, жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Автотранспорт участкаси ҳудуди Компания мулки ҳисобланади ва у ерда шахсий уй қуриш белгиланган талабаларга мутлақо зид.

Транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлар тендер асосида онлайн тарзда тузилган шартномага асосан олиб берилади. Ёқилғи маҳсулотларини транспорт воситаларига қуйиш бўйича ҳеч бир субъект билан шартномавий ишлар бажарилмаган. Бундан ташқари, ҳар бир ҳайдовчига транспорт воситасига ёқилғи қуйиш учун корпоратив пластик карта бириктирилган бўлиб, сарфланган маблағлар ва автотранспорт воситаларининг йўл юриши мутаносиблиги доимий назоратга олинганлиги билдирилади.

“Ўзбектелеком” АК Ахборот хизмати